Аҳолини рўйхатга олиш: унинг моҳияти нимада?



Аҳолини рўйхатга олиш: унинг моҳияти нимада?

Жаҳон тажрибасида мамлакат аҳолисининг аниқ сони, ёши, жинси, фуқаролиги, миллий таркиби, оилавий аҳволи, касби, бандлиги, даромад манбаи ва бошқа жиҳатлар бўйича батафсил маълумот тўплашнинг энг самарали усули аҳолини рўйхатга олишни ташкил этиш ҳисобланади. Шу боис, 2023 йилда мамлакатимизда илк бор ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига ҳозирдан жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

Тасаввур қилинг, қўлингизда Ўзбекистон харитаси ва унга қараб ҳудудларга доир бирламчи маълумотларни айтиш мумкин. Масалан, Қорақалпоғистонда қанча аҳоли яшайди, Хоразмда бандлик масаласи қай аҳволда, Сурхондарёда нечта таълим муассасаси бор, Фарғона водийсида аҳоли зичлиги қандай ва шунга ўхшаш бошқа муҳим маълумотлар. Бироқ бундай юзаки ва тахминий кўрсаткичлар билан бугунги жадал ривожланиш ва ислоҳотлар даврида узоқни кўзлаб ниманидир режа қилиш қийин, албатта.

Аксинча, қўлимизда ҳар бир ҳудудга доир аниқ фактлар бўлса, режаларимиз ҳам, амалларимиз ҳам манзилли ва пухта бўлади. Айнан шунинг учун бизга бутун республикани қамраб оладиган ишончли маълумотлар керак ва улар тадрижий равишда янгиланиб борилиши шарт. Бундай аниқ ва яхлит маълумотлар эса аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади. Шунга қараб ўтмиш ва бугун ҳақида фикр-мулоҳаза юритиш ҳамда келажакни фаразлаш мумкин. Шунингдек, бу аҳолининг ёши, жинси, миллий таркиби, маълумот даражаси, оилавий ҳолати, бандлиги ва бошқа тавсифлари ҳақида маълумот олишнинг ягона манбаи ҳамдир.

Мустақиллик даврида бирор марта бу жараён ўтказилмаган

Маълумки, БМТнинг 2015 йил 10 июндаги “2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар” резолюцияси қабул қилинган ва унга асосан, БМТга аъзо давлатлар камида бир марта аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишни ўтказиши белгилаб қўйилган. Айни пайтда МДҲ мамлакатларида бу жараёнга тайёргарлик бошланган.

Ўзбекистонда мустақиллик йилларида ҳали бирор марта бундай ҳисоб-китоб ишлари олиб борилмаган. Бундай саноқ сўнгги бор собиқ иттифоқ даврида, аниқроғи, 1989 йилда ўтказилган эди. Ҳолбуки, халқаро тажрибадан маълумки, кўпгина мамлакатларда аҳолини рўйхатга олиш тадбири камида ҳар ўн йилда бир маротаба ташкиллаштирилиши анаънага айланган. Республикамизда ҳам энди ана шундай муҳим жараён йўлга қўйилади. Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш консепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Мазкур тадбир бизга нима беради?

Аҳоли сонини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи барчага тегишли бўлган демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил ва эълон қилишнинг ягона жараёнидир. У аҳоли тўғрисидаги маълумотларнинг асосий манбаи бўлиб, келгуси 10-20 йиллик ривожланишнинг прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли пойдевор яратади. Аҳоли миграцияси тўғрисидаги маълумотлар шакллантирилади.

Ўз навбатида, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, аёллар ва болалар саломатлигини яхшилаш ва оилаларга ёрдам кўрсатиш бўйича дастурларни манзилли ишлаб чиқишда ахборот тарзида фойдаланилади. Аҳоли сонини ишончли ҳисоблаш бўйича расмий статистика тизимида асосий роль ўйнайди.

Рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?

Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади. Биринчиси, тайёргарлик босқичи бўлиб, уч йилга яқин вақт давом этади. Иккинчиси, асосий босқич бўлиб, бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади. Бу тахминан икки ой муддатни ташкил этади. Сўнгги босқич қарийб уч йил давом этиб, олинган маълумотлар кодлаштириш ёрдамида таҳлил қилиниб, натижалар эълон қилинади.