Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида



 Сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий этиш бўйича амалга оширилган тадбирлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, умуман одил судловга эришишни ошириш ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш имконини берди.

Шу билан бирга, бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш талаб этилади.

 Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6034-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида:

Судлар, Судьялар олий кенгаши ҳамда Судьялар олий мактабида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини янада яхшилаш.

 Судларнинг ахборот тизимларини давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиш бўйича «йўл харитаси» тасдиқланган. Яъни, 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаш. Судлар томонидан давлат органлари ва ташкилотларига тақдим этиладиган маълумотларни электрон шаклда юбориш, муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш, судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан танишиш, судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш.

Олий суд ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги мавжуд маълумотлар судларнинг электрон сўрови бўйича бепул асосда тақдим этилиши белгилаб қўйилди.

 2022 йил 1 январдан бошлаб судлар фаолиятига қуйидаги имкониятларни берувчи «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилади. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш, манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш, суд ҳужжатларини судлар фаолиятига жорий этилган ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантиришдан иборат.

Ӯзбекистон Республикаси Олий суди 2020 йил якунига қадар суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастурни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш, Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда жазони ижро этиш муассасаларида махсус хоналарни маҳбусларнинг суд мажлисларида ва суд раҳбарияти қабулларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этишлари имконини берувчи ускуналар билан жиҳозлаш чораларини кўриш белгилаб қўйилди.

   Судьялар олий кенгаши ва Олий суднинг 2022 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги таклифларига розилик берилган. Яъни, судьялар олий кенгашига судьялар, судьялик лавозимларига номзодлар томонидан электрон мурожаат қилиш, суҳбат жараёнида бериладиган саволлар ва вазифаларни ахборот тизими ёрдамида автоматлаштирилган ҳолда танлаш. Судьялар олий мактабига унинг расмий веб-сайти орқали ариза ва мурожаатларни йўллаш, профессор-ўқитувчилар ва тингловчиларнинг рейтинг кўрсаткичларини электрон тарзда шакллантириш, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш курслари тингловчиларининг ўқув жараёнини онлайн тарзда назорат қилиш тартибини ўрнатиш. «UNICON.UZ» фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази» давлат унитар корхонаси ҳамда унинг ташкилий тузилмасидаги корхоналар зиммасига суд ҳокимияти органлари фаолиятига жорий этилиши режалаштирилган ахборот тизимларини ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлаш вазифалари юклатилган.

 Белгилансинки, ахборот тизимларини ишлаб чиқиш Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Судьялар олий мактабининг буюртмаси асосида доимий равишда «UNICON.UZ» фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази» давлат унитар корхонаси ҳамда унинг ташкилий тузилмасидаги корхоналар томонидан амалга оширилади, уларни ишлаб чиқиш учун шартномалар белгиланган тартибда тузилади ҳамда шартнома нархи Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан белгиланган ўртача бозор нархи асосида шакллантирилади.

Ҳудудларда судьялар ҳамда судлар аппарати ходимларининг рақамли саводхонлигини ва малакасини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитиш учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари бириктирилган.

 

Нукус туманлараро

иқтисодий суди судьяси:                                                          Ш.Абдижемилова